Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, Янги йил байрами тадбирларини кўтаринки руҳда ташкил этиш, аҳолига маданий хордиқ учун шароитлар яратиш мақсадида 20 декабрдан пойтахтнинг Истиқлол кўчасида (Ўзбекистон миллий кутубхонаси яқинида) муҳташам арча ўрнатилди ва болажонлар учун ўйингоҳлари ишга туширилди.
Қайд этилишича, меҳмонлар бу йил арчада мусиқа садолари остида товланувчи чироқларни эмас, балки RGB экранда қизиқарли намойишларни кўради .
Майдон эса оқ ва кўк рангли чироқлар билан безатилган. Кун давомида эстрада юлдузлари иштирокида концертлар, шоу дастурлар ва цирк намойишлари ўтказилади.
Байрам тадбирлари 2021 йилнинг 10 январига қадар ҳар куни соат 10:00 дан кечки 22:00 гача давом этади.
“Байрам тадбирларида карантин қоидаларига риоя қилишни унутманг”, - дейилади ҳокимлик хабарида.