Наманган вилоятининг Норин туманида 16 ёшли қиз ўзини ҳаракатланиб кетаётган автомашинадан ташлаб ҳалок бўлди.
Аниқланишича, жорий йил 20 декабрь куни соат 23:30ларда Наманган вилояти Норин туманида яшовчи 18 ва 20 ёшли йигитлар олдиндан жиноий тил бириктириб, маст ҳолатда тумандаги “Чангитма” маҳалласидаги хонадонларнинг бирида ижарада яшаб келган, асли учқўрғонлик бўлган 16 ёшли қизнинг олдига бориб, у билан қизнинг дугонасига боғлиқ муҳаббат можароси ҳақида гаплашиб олишини ва бу масалада ёрдами кераклигини айтиб, уни уйдан яширин ҳолатда чиқишга кўндиргач, “Дамас” автомашинасида ўғирлаб кетади.
Қиз эса улардан қутилиш мақсадида юриб кетаётган автомашинанинг эшигини очиб, ўзини ташлаб юборади.
Йигитлар автомашинани тўхтатади ва йигитлардан бири қизни йўл четига олиб чиқади. Бу вақтда иккинчи йигит ўзининг бошқарувида бўлган “Дамас” автомобилида қўрқиб қочиб кетади.
Йўлдан ўтиб кетаётган “Ласетти” автомашинаси ҳайдовчиси қизни шифохонага олиб борган. Бироқ кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай қиз шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Маълум қилинишича, жабрланувчи Норин тумани “Чангитма” маҳалласидаги хонадонда учқурғонлик ва норинлик қизлар билан бирга ўқишга кириш учун тайёрлов курсларига қатнаш мақсадида бир ярим ойдан бери яшаб келаётган бўлган.
Ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодекси 117-моддаси 2-қисми ва 137-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.