"Asaka Motors International" компанияси ва дунёдаги етакчи авто ишлаб чиқарувчилардан бири – "Hyundai Motor Сompany" Сирдарё туманидаги автомобиль заводида Hyundai бренди остида автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишувга эришди, дея хабар бермоқда Сирдарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати.
Томонлар лойиҳани икки босқичда амалга оширишга келишиб олишди. Биринчи босқич доирасида Elantra, Tuсson, Sonata, Santa Fe, Palisade va Staria моделларини йирик блокли ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳани амалга ошириш жадвалига мувофиқ, ушбу босқичнинг бошланиши 2024 йил май ойига режалаштирилган.
Бундан ташқари, томонлар 2024 йил охирига қадар кавшарлаш, бўяш ва йиғиш технологик жараёнлари бўйича ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган режалаштириш ишларини якунлашга келишиб олдилар.
Ушбу босқич доирасида, автокомпонентлар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш, жумладан, вилоят ҳудудида бутловчи деталлар ишлаб чиқариш бўйича кластер қуриш кўзда тутилган.
"Ушбу кластернинг завод яқинида жойлашиши ўз навбатида компанияга бутловчи деталлар логистикаси билан боғлиқ харажатлар ва вақтни қисқартириш имконини беради", - дейилади хабарда.