Бугун, 9 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов ва туркиялик ҳамкасби Мевлут Чавушўғлу бошчилигида Стратегик режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бўлажак қўшма тадбирларга, хусусан, олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.
БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги маълум қилинди.
Илмий-таълим соҳасидаги шерикликни кенгайтириш масалаларига, жумладан, Ўзбекистонда Баҳчешеҳир университети филиалини очиш, шунингдек Хўжа Байрам Вали номидаги университет билан биргаликда Фарғона олий туризм мактабини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик режалаштириш гуруҳи йиғилиши якунлангач, икки мамлакат ташқи сиёсаий идоралари раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2023-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва Таржима хизматлари соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
Маълумот учун, 1998 йилда ташкил топган Баҳчешеҳир университети хусусий ОТМ ҳисобланиб, Туркиянинг энг яхши хусусий университетларидан бири ҳисобланади. Дарслар инглиз тилида олиб бориладиган мазкур университетнинг талабалари сони 25 мингдан ортиқ.
2017 йилда университет Туркиянинг таълим соҳасидаги энг яхши бренди мукофотини олган.