Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси билан келгусида маиший истеъмолчилардан ташқари қуввати 20 кВтгача ҳамда қуввати 20 кВтдан 50 кВтгача бўлган янги истеъмолчиларни тармоққа улаш учун бир марталик тўлов жорий қилиниши мумкин.
Ушбу ҳужжат лойиҳасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади ва 2021 йил 1 августдан бошлаб кучга киритилади.
Яъни, 2021 йил 1 августдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш Регламентга мувофиқ давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ва онлайн платформа орқали амалга оширилади.
Бунда,
– қуввати 20 кВтгача бўлган истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) тайёр ҳолда электр тармоқларига уланиш бўйича Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (ҲЭТК)га БҲМнинг 30 баравари (7 млн 350 минг сўм) миқдорида;
– қуввати 20 кВтдан 50 кВтгача бўлган истеъмолчилар электр тармоқларига уланиш бўйича ҲЭТКга БҲМнинг 60 баравари (14 млн 700 минг сўм) миқдорида бир марталик тўловни амалга оширади.
ҲЭТК томонидан истеъмолчи тўлов қилганидан сўнг йигирма иш куни муддатда электр тармоқларига улаб берилади.
ҲЭТКга тўланадиган бир марталик тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
– 97 фоизи – ҲЭТКнинг банк ҳисобварағига;
– 2 фоизи – “Ўзэнергоинспекция” банк ҳисобварағига;
– 1 фоиз – танлов савдолари якунида ғолиб бўлган, онлайн платформа яратган ташкилот ҳисобварағига ўтказилади.
Маълумот учун, 2021 йил 22 март ҳолатига БҲМ – 245 минг сўмни ташкил қилади.