Мазкур хабарга нисбатан Gross insurance компанияси мурожаат йўллади.
Мурожаатда келтирилишича, ушбу суғурта маҳсулоти фақат ихтиёрий асосда, мижознинг розилигига кўра сотилади. Мазкур маҳсулот амалдаги қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, хорижга чиқиш паспорти ёки ID-картани йўқотилиши ва шикастлантирилиши таваккалчиликларини қоплаб беради.
Полис қиймати 50 000 сўмни ташкил этади, бунинг эвазига 10 йил давомида компания томонидан хорижга чиқиш паспорти ва ID-карталари эгаларига улар йўқотилиши ёки шикастлантирилиши муносабати билан 500 минг сўм доирасида харажатлар кафолатланган ҳолда қоплаб берилади. Яъни, ҳужжат йўқотилган ва шикастлантирилган тақдирда, компания ҳужжатларни қайта тиклаш харажатлари суммаси фуқарога Gross insurance'нинг суғуртаси ҳисобига қоплаб берилади.
Қайд этилишича, фақат сўнгги 2 ой давомида ҳужжатлар йўқотилганлиги ёки шикаслантирилганлиги сабабли мижозлар мурожаат қилганлиги муносабати билан компания томонидан 50 млн сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилган. Айрим ҳолларда болалар хорижга чиқиш паспорти бетини тасодифан йиртиб юборган ёки бошқа ҳолларда қаҳва тўкиб юборилган, шунингдек барча карталар билан бирга ҳамён йўқотилиши ҳоллари ҳам учраган.
Қулай шароитлар ва суғурта хизматларидан фойдалана олиш имкониятини яратиш мақсадида мазкур лойиҳа ИИВ ҳузуридаги ‘’Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматларини кўрсатиш маркази’’ Давлат унитар корхонаси билан биргаликда амалга оширилмоқда.
“Ушбу хизмат фуқароларга ихтиёрий асосда кўрсатилаётганлигини яна бир бор эслатиб ўтган ҳолда ишонтириб айтамизки, билдирилган фикрлар албатта ўрганиб чиқилади ва тегишли чоралар кўрилади ҳамда сервис сифатини яхшилашда инобатга олинади’’, - дейилади мурожаатда.