Янги Ўзбекистон университетида ўқиш учун контракт нархи эълон қилинди. Бу ҳақда университетнинг веб-сайтида маълум қилинди.
Унга кўра,
— Маҳаллий талабалар учун бир семестрга 24 млн 850 минг сўм;
— Хорижий талабалар учун эса бир семестрга $5 минг этиб белгиланган.
Ўқиш давомийлиги икки семестрни ташкил этади.
Маълумот учун, Янги Ўзбекистон университети давлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилган бўлиб, асосий вазифалари – нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни шакллантириш ҳисобланади.
Қабул имтиҳонларини “Кембриж” университети ўтказади. Ўқув режа ва дастурлар “Массачусетс” технология институти ҳамда “Мюнхен” техника университети билан биргаликда ишлаб чиқилади. Шунингдек, улар таълим сифатини назорат қилиш, лаборатория ва кутубхоналарни тўлдиришга кўмаклашади.
Университетда 5 та – муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Янги Ўзбекистон университети илк талабаларини сентябрдан қабул қилиши ҳақида хабар берган эдик.