Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент шаҳар ИИББ 6 ёшли Абдуллоҳ Алишеровни йўқолгани бўйича хабар бериб, уни қидириш ишлари давом этаётганини таъкидлаган эдик. Болани сўнгги бора Ўрикзор даҳасида кўришгани ҳақида маълумотлар бор.
Абдуллоҳнинг бобоси ўз неварасининг уйи олдидан оқиб ўтадиган сувга тушиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапириб ўтди.
“Уйимиздан унча узоқ бўлмаган, Учтепа тумани ҳудудидан, яъни Ўрикзор даҳасидаги Саид Ваққос Ота қабристони оралаб ўтиб, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Янгийўл туманларига кетадиган Қорақамиш каналига тушиб кетган бўлиши мумкин”, - дейди суҳбатда Абдуллоҳнинг бобоси Алишер Раҳимов.
Шундай бўлса-да, биз интернет нашримиз ўқувчилари орасида ёки уларнинг яқинлари, танишлари бу бола ҳақида маълумотга эга бўлишса ёки уни кўриб қолишса, 102 ишонч рақамига қўнғироқ қилишларини сўраб қоламиз.