Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига, 1992 йилда Бухоро шаҳрида туғилган Мақсуд Ҳамидов ариза орқали мурожаат қилиб, ушбу аризасида Бухоро шаҳрида жойлашган “Перенатал” туғруқхонасида ҳамшира лавозимида ишловчи “Шафоат” исмли аёл унинг “Зилола” исмли танишини ўша туғруқхонада врач лавозимида ишловчи танишлари орқали ишга қўйиш эвазига 1100 АҚШ доллари беришни талаб қилаётганлигини билдирган.
Мазкур ариза юзасидан Бухоро вилояти ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-тадбирлар давомида, 1991 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, оилали, 2 фарзанди бор, Бухоро шаҳридаги “Перенатал” туғруқхонасида ҳамшира бўлиб ишловчи Холова Шафоат Ҳасановна, танишини ишга жойлаштирмоқчи бўлган фуқаро М.Ҳамидовдан 1100 АҚШ долларини олаётган вақтида далилий ашё билан жиноят устида қўлга олинди.
Бухоро вилояти ИИБ Матбуот хизматининг хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Бухоро вилояти ИИБ Тергов Бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.