Жиззах вилояти коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан тезкор тадбирда институт ўқитувчиси Жўрақул Қораев 4-босқич талабаси Мирсолиҳ Бобожоновдан 100 доллар талаб қилиб, 800 минг сўм пулни ушбу таълим муассасасининг ўқув хоналаридан бирида фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда қўлга тушди. (Материалда келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган, тўғри келган ҳар қандай ўхшашлик тасодиф саналади).
Маълум бўлишича, Мирсолиҳ Бобожонов Ғаллаорол тумани, Сарбазор маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. У айрим сабабларга кўра ўқитувчи Қораевнинг дарсларида қатнашмаган. Ўқитувчи талабадан қолдирилган дарслар ўрнини “тўлдириш” учун 100 доллар беришини талаб қилади. Мирсолиҳ Бобожонов ўқитувчининг бу ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади.
Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига таяниб ЎзАнинг хабар қилишича, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.