Интеллектуал мулк агентлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра, "Андижон музқаймоғи" ни ишлаб чиқарувчи тадбиркор Ҳ.Мадраҳимов агентликка "Андижон музқаймоғи" ни “Анжан музқаймоғи” товар белгисига ўзгартиб, тезкор экспертиза орқали рўйхатдан ўтказиш учун талабнома топширди.
Шундан сўнг, унга агентлик томонидан гувоҳнома тақдим этилди.
Қайд этилишича, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Қорақалпоғистонда ҳақиқий “Андижон музқаймоғи” сингари унинг сифатсиз турлари тарқалиб, асл маҳсулот эгасининг тадбиркорлик фаолиятига жиддий зиён етказди.
“Энди халқ севиб истеъмол қилаётган ушбу музқаймоқ “Анжан музқаймоғи” брендига айланди. Демак, келгусида кимда-ким ушбу бренд номи билан музқаймоқ ишлаб чиқарса қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади’’, - дейилади агентлик хабарида.