Учрашувда конференциядаги иштирок ҳамда «Европа иттифоқи – Марказий Осиё» Вазирлар учрашуви Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси қабул қилинганининг 10 йиллигида ўтказилгани Европанинг минтақамизга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат бериши қайд этилди.
Европа иттифоқи асосий ҳамкорларимиздан бири бўлиб, Ўзбекистон Европа иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама янада мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди.
Учрашувда Европа билан кенг қамровли алоқаларни кенгайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Европа иттифоқи билан шерикликни инвестиция, савдо, молиявий-техникавий ҳамкорлик, таълим ва бошқа қатор йўналишларда илғор тажриба ва технологиялар алмашиш соҳасидаги амалий мазмун билан бойитиш томонлар учун манфаатли эканига эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий, хусусан, Марказий Осиёда сиёсий ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Европа иттифоқи делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар билан таништирилди.