Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон-Венгрия муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Учрашувда молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва таълим соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳалар амалий жиҳатдан муҳокама қилинди. Хусусан, Венгрия ўзбекистонлик талабалар таълим олишлари учун йилига 30 та стипендия ажратишни режалаштирмоқда.
Суҳбат давомида қайд этилганидек, бугун бўлиб ўтадиган Венгриянинг Тошкент шаҳридаги Элчихонасининг расмий очилиш маросими икки томонлама алоқаларни тизимли асосда мустаҳкамлаш ва кўп қиррали тус беришга имкон яратади.
Вазирлар минтақа ва халқаро майдондаги кун тартибига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.
Музокаралар якунланганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Венгрия Инсон ресурслари вазирлиги ўртасида 2017-2020 йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим вазирлар томонидан имзоланди.
Тадбирларда Венгрия Элчиси Петер Санто иштирок этди.