Йиғилишда аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш, кўп қаватли уй-жой фондини сақлаш, оқова хизматлари кўрсатиш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди, дея хабар қилмоқда ЎзА.
Бу жабҳалардаги ишларни изчил давом эттириш, барча уй-жойлар, мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумида иссиқ бўлишини таъминлаш юзасидан муҳим вазифалар белгиланиб, зарур кўрсатмалар берилди.
Президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик дастурлари ижросини танқидий қайта кўриб чиқиш, режалаштирилган чора-тадбирларни манзилли ва мақсадли амалга ошириш, маблағлардан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни қўллашни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Бу борадаги ишларни вилоятлар ва соҳалар кесимида эмас, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй амалга ошириш кераклиги қайд этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига уй-жойлар ва ижтимоий-иқтисодий объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш, аҳолини электр, иссиқлик, газ, сув ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш, одамларнинг фаровонлиги ва розилигини ошириш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берди.