“Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров Ўзбекистонда Тарбия ва таълим вазирлигини тузиш кераклигини билдирди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Тарбия ва таълим вазирлиги ташкил этилиб, вазирнинг учта: оила ва хотин-қизлар масалаларига масъул, боғчада тарбия ва бошланғич таълимни ташкил этишга масъул, мактабда таълим ва тарбияни ташкил қилишга масъул ўринбосарлари бўлиши таклиф қилинади’’, - келтирган Қодиров.
Таъкидланишича, бу вазирлик ҳар бир бола учун оиладан бошлаб мактабдан чиқиб кетгунича (туғилганидан 18 ёшгача) бўлган даврда тарбияси ва таълим сифати учун масъул бўлади.
“Вазирликка ота-оналар билан яқиндан ишлаш, уларнинг малакасини ошириш билан бирга, масъулиятсизлик учун жавобгарликка тортишни ташаббус қилиш ваколатлари ҳам берилиши керак”, - дейилади таклифда.