Шавкат Мирзиёев ҳузурида ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
"Бу жуда катта ва муаммоли масала, жаноб ҳоким ва прокурорлар. Бунинг орқасида пора ва коррупция турибди.
Агар ернинг ҳисоби, аниқ чегараси бўлмаса, бу ишларни амалга ошириб бўлмайди", - деди Шавкат Мирзиёев.
Қаерда бўш ер борлиги тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқлиги, бу билан 30 йил ҳеч ким шуғулланмагани қайд этилди.
Президентнинг таъкидича, кадастр ҳужжати бўлмагани боис 2 миллиондан зиёд оилалар уй-жойларини на кредит гарови сифатида қўя олади, на уни сота олади.
Шу боис, мутасаддиларга ишни бир қатор йўналишларда ташкил этишга топшириқ берилди. Жумаладан,
— Келгуси йил 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини якунига етказиш;
— Ер балансидаги фарқ бўйича ер майдонларининг эгаси ва аниқ тоифасини белгилаб бериш;
— 38 мингта субъектга тегишли ер ажратиш ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 1 миллион гектар майдоннинг ижара шартномаларини расмийлаштириш;
— Ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорларни хатловдан ўтказиб, уларнинг эгаси, манзили ва чегарасини аниқ белгилаб, кадастр идораларига бериш;
— Деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 миллиард сўм ажратиш.