Бу ҳақда шаҳар маъмуриятининг Facebookдаги саҳифасида маълум қилинди.
Бош вазир бошчилигида ўтказилган йиғилишда янги тайинловлар амалга оширилган.
Ҳаёт Илясович Иноғамов (1986 й.) Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.
Ҳаёт Иноғамов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Tashkent City» халқаро ишбилармонлик маркази Дирекцияси давлат унитар корхонаси директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Шерзод Хаджизадаев (1973 й.) эса Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
«Трастбанк» раҳбари бўлиб ишлаган Шерзод Рафатович Хаджизадаев 2017 йилнинг 18 апрелида Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонига асосан Марказий банк раисининг ўринбосари этиб тайинланган эди.
Шерзод Хаджизадаев Тошкент давлат университети (1996 й.) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини (2001 й.) тамомлаган.
Даврон Абдулпаттахович Ҳидоятов (1976 й.)Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.
Даврон Хидоятов Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998 й.) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини (2001 й.) тамомлаган.
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси сифатида ишлаган Ҳидоятов 2017 йилнинг апрелида лавозимдан олиниб, Чилонзор тумани ҳокимлигига туширилганди.
2012-2014 йилларда MAN Auto-Uzbekistan ҚКнинг бош директори сифатида фаолият олиб борган.