• 12 029 сум
    -43.76
  • 14 066 сум
    -111.54
  • 160 сум
    -0.91
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 12 029 сум
    -43.76
  • 14 066 сум
    -111.54
  • 160 сум
    -0.91
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Общество 14 ноября 2018

Анор тагида марихуана етиштирганлар ушланди

Суд томонидан айбланувчи тўртинчи бор кечирилди.

5501
0
navoiyiib.uz

Гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик — жирканч иллат ва аксарият ҳолларда инсонни ўта оғир, асоратли, ҳатто ҳалокатли оқибатларга етаклайди.

Ташвишли жиҳати шундан иборатки, кейинги пайтларда ушбу тоифага кирувчи жиноятларнинг кўпайгани кузатилмоқда.

Бу ҳолат кўпинча гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларга бой экинларни экиш, ўстириш ва ундан "оғу" тайёрлаш сингари ғайриқонуний хатти-ҳаракатларда намоён бўлмоқда. Бунга айрим ҳаётий мисоллар келтирамиз.

Хусусан, Урганч шаҳри ва шу ном билан аталувчи туманда истиқомат қилувчи Бекзод Оллаберганов ҳамда ота-бола Комил ва Султонбой Худойбергановлар (исм-фамилиялар ўз­гартирилган) айби билан гиёҳванд­лик ва гиёҳфурушликдан иборат бир қатор жиноий қилмишлар содир этилди.

Урганч туманининг Чаккашоликор қишлоғида яшовчи Комил Худойберганов 2017 йилнинг илк баҳорида ўз боғидаги анор дарахти остига гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган бир туп кандир, яъни марихуана ўсимлиги уруғини қа­даб, ўсиб чиққан ниҳолни пинҳона парваришлай бошлади.

2017 йилнинг август ойига келиб экин анча бўй тортди, танасини ғуж-ғуж барглар қоплади. Ўзининг ҳовлисида оғунинг ҳақиқий манбаини кўрган Комил аканинг ўғли Султонбой ўзини босолмай қолди.

Гиёҳвандлик моддаси тайёр, аммо харидор-чи?

Харидор ўзини кўп куттирмади. У Султонбойнинг узоқ танишларидан бири Бекзод Оллаберганов бўлиб чиқди.

Ўсимликнинг вазни 10 граммдан мўлроқ — бир неча барги хомлигича бешта гугурт қутисига жойланди ва 400 минг сўм эвазига Бекзодга сотиб юборилди. Бу хуфя савдодан сўнг Бекзоднинг қадами Султонбойларнинг хонадонидан аримай қолди.

Навбатдаги савдо сентябрь ойи бошида амалга ошди: 2 та гугурт қутисига жойланган вазни 4 грамм­лик оғу бу гал 160 минг сўмга сотилди. Бекзод 14 сентябрь куни Султонбойдан яна "дори" сўради.

Ҳожатбарор сотувчи йўқ демади. Бекзод ўзаро келишувга мувофиқ оғирлиги 5 граммча келадиган гиёҳвандлик воситасини 160 минг сўм эвазига сотиб олди ва шу куннинг ўзидаёқ уни таниши Х. Жабборовга 280 минг сўмга пуллади.

Шу жойда Х. Жабборов деганлари "хиёнаткор" чиқди. Бекзод "дори" сотилганидан кейин орадан бир неча дақиқа ўтмаёқ, рад этилмас далиллар асосида қўлга олинди ва тавба-тазарру остида "сир"ни очишга киришди. Ички ишлар идораси ходимлари томонидан қўлига тутқазилган 160 минг сўм пулни пеш қилган ҳолда С. Худойбергановга қўнғироқ қилди. Тағин гиёҳвандлик воситасини сўради.

Савдо шу заҳотиёқ пишди. Вазни 5,71 грамм, қиймати 160 минг сўмлик оғу "харидор"нинг қўлига тутқазилди. Ушбу савдодан сўнг иккинчи ҳожатбарор сотувчи — Султонбой ҳам қочарга жой тополмай қолди.

Бу разил қилмиш боис С. Худойбергановнинг хонадони кўздан кечирилди. Машъум жиноий ҳаракатнинг бошида кимсан, ота — Комил Худойберганов тургани, у парваришлаган кандир пировардида содир этилган давомли кирдикорларнинг "масаллиғи"га айлангани шу тариқа аён бўлди. У яшаётган хонадондан топилган 42,08 грамм оғирликдаги марихуана моддаси эса, жиноий ҳаракатнинг қўшимча далили бўлди.

Тергов ҳужжатларида учовлон оғу­фуруш ўз қилмишини ўзаро уюшган, тил бириктирган ҳолда, ғараз мақсадларда содир қилгани қайд этилди.

Ҳар учала гумонланувчи Жиноят кодексининг уюшган гуруҳ ҳолидаги қилмишларга оид бандлари билан айбдор деб топилди.

Табиийки, улар жиноий қилмишни амалга ошириш давомида ўзи ва ўзгаларга қарашли автоуловлардан ҳам фойдаланган. Тергов органи бу ҳолни назарда тутар экан, айбланувчиларга транспорт воситаси сифатида хизмат қилган "Матиз" ва "Дамас" русумли автомашиналарни жиноят қуроли сифатида эътироф этди.

Суд эса, содир этилган қабиҳ жиноий қилмишлар тафсилотинигина эмас, балки тергов органи хулосаларини ҳам атрофлича таҳлил ва тадқиқ этди. Бу жараёнда қўйилган айб­ларнинг аксарияти ўз тасдиғини топди. Бироқ зикр этилган қилмиш уюшган гуруҳ томонидан содир қилингани ва автоуловлардан жиноят қуроли сифатида фойдаланилгани ҳақидаги айблов баҳс-мунозарага сабаб бўлди.

Суд тергови маҳали жиноий шерик сифатида эътироф қилинган Б. Оллаберганов ва К. Худойбергановлар аслида, бири-бирига мутлақо нотаниш одамлар бўлиб чиқди. Суд айни шу ҳолатни назарда тутиб, гумонланувчиларга нисбатан эъ­лон қилинган айбловни қайта кўриб чиқди.

Б. Оллабергановга қўйилган айб ўз тасдиғини топди.

Шу боис Жиноят кодексининг унга нисбатан татбиқ этилган 273-моддаси 2-қисми аслидалигича қолдирилди.

Ота-бола Худойбергановларнинг айби қонун тақозосига кўра, енгиллаштирилди. Яъни Жиноят кодексининг 270-моддаси 2-қисмидаги уюшган жиноятчиликка оид "б" ва 273-моддаси 3-қисми "б" бандлари уларнинг айбидан соқит этилди ва шу айблов юзасидан уларга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Жиноят кодексининг жиноятга суиқасд тарзидаги 28 орқали 273-моддаси 5-қисми бўйича муқаддам эълон қилинган айб эса, ўз тасдиғини топди ва дахлсиз қолдирилди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг енгилроқ жазо тайинлашга доир 57-моддаси ҳар учала судланувчига нисбатан татбиқ этилди. Шу боис улар нисбатан оз муддатли озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.

Суд томонидан жиноят қуроли сифатида эътироф қилинган автотранспорт воситалари ҳақидаги масалага ҳам аниқлик киритилди.

Суд бунда Олий суд Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги "Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори 2-бандида баён этилган раҳбарий кўрсатмага таянди.

Яъни жиноят қуроллари деганда, жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этиш учун махсус мўл­жалланган, тайёрланган ёки мослаштирилган нарсалар ёхуд бевосита жиноят содир этиш жараёнида жиноий мақсадга эришиш учун фойдаланилган нарсалар, масалан, одам ўлдириш қуроллари, қимматликларни талон-торож қилиш ёки эгаллашда восита бўлган нарсалар, ўқотар қурол, браконьерлик қуроллари — қопқонлар, тўрлар, сохта ҳужжат ва ҳоказолар ашёвий далил сифатида эътироф этилади.

Судланувчилар улов сифатида фойдаланган транспорт воситалари эса, бу тоифага кирмайди. Суд шуни назарда тутди ва олиб қўйилган иккала автомашинани эгаларига қайтарди.

Адолат ва одилликнинг қонунчилигимизда зикр этилган юксак намунасидан гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик домига тушган яна бир судланувчи — урганчлик Бобожон Обдалов ҳам баҳраманд бўлди.

Унинг 45 йиллик умри жиноий қилмишлар домида кечди. Шу пайтгача у уч марта жиноий жавобгарликка тортилди ва судланди. Ҳар гал ўз қилмишларининг жабрини тортди.

Дастлаб — салкам 20 йил муқаддам ўғирлик қилиб, қўлга тушди ва 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Орадан бир йил ўтмаёқ ашаддий дорифурушликдан иборат галдаги қилмиши учун — 5 йил, 2004 йили — жазодан барвақт озод қилинганидан сўнг бир неча ой ўтгач, оғуфурушликка қаратилган такрорий жинояти учун 7 йил муддатга озодликдан мосуво этилди. Сўнгги жазони тўла ўтамаёқ муддатидан илгари, яъни 2 йилу 3 ой олдин озодликка чиқди.

Қонун такрорий жиноятларни кечирмайди. Аслида ҳам шундай бўлди. Б. Обдалов Жиноят кодексининг тақиқланган экинларни етиштиришга оид 270-моддаси 2-қисми ва гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва сотишга доир 273-моддаси 3-қисми бўйича жавобгарликка тортилди.

Мазкур моддалар айбланувчини нисбатан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини кўзда тутади. Бироқ кодекснинг айбланувчига нисбатан қўлланилган моддалари шафқатни тақозо этмаса-да, барибир, у бу жазога маҳкум этилмади.

Бунга қонунларимизда ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик, бағрикенглик ва адолат тамойиллари асос бўлди. Суд бағ­рикенг­ликнинг ушбу намунасига суянар экан, масалани бир мунча чуқур ўрганди. Таҳлил ва хулосалар Жиноят кодексининг зикр этилган моддалари айрим қисмлари айбланувчига нисбатан бир мунча ноўрин қўлланилганини кўрсатди.

Шундан келиб чиқиб, суд Б. Обдаловни 1,5 йил муддатга озодликдан маҳ­рум этди. Маҳкум ҳукм устидан шикоят қилмади.

Қисқаси, ҳаётда ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррардир. Юқоридаги мисоллар ҳам буни яққол тасдиқлайди. Шу билан бирга, агар қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй, умуман олганда, фаол жамоатчилик билан давлат идоралари баҳамжиҳат ҳаракат қилса, айниқса, бунда маҳаллий ўзи­ни ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик ташаббусни ўз қўлига олса, шубҳа йўқки, бундай иллатларга бар­ҳам бериш янада осон кечади.

Акбар Аминов,

жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп тумани судининг раиси

5501
0