Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Илғор технологиялар маркази, INT TECH robotics робототехника мактаби, Jons English Academy нодавлат ўқув муассасаси, “Events” МЧЖ ва Zlotnikov dance рақс студияси иштирокида “Саховат йўли” хайрия эстафетаси Республика болалар таянч ҳаракат тизими касалликлари реабилитация марказида бўлиб ўтди.
- Одатда хайрия тадбирлари кўнгилочар дастур ташкил қилиш ва ширинлик тарқатишдан иборат бўлади. Бизнинг мақсадимиз эса нафақат хайрия, балки болаларни илм, янги технологияларга интилишларини пайдо қилишдир, - дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий ишланмалар ва технологияларни тижоратлаштириш ҳамда трансфер қилиш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Бобоханов. – Ҳар бир давлат органи болаларга қандайдир янги билимлар улашиши мумкин. Бизнинг акциямиздан сўнг жила қурсин битта болакай робототехника ёки кимёга қизиқиб қолса, бу унинг келажаги пойдеворига асос солади. Мазкур акция ихтиёрий равишда ўтказилиб, биз эстафетани бошқа вазирлик ва идораларга топширмоқчимиз. Мазкур реабилитация маркази билан эса 2019 йилдан бошлаб INT TECH robotics компанияси мутахассислари томонидан болалар учун робототехника курслари ўтказишга келишдик. Кейинчалик бошқа ташаббуслар ҳам кўзда тутилган.
Учрашув Jons English Academy жамоаси томонидан ташкил қилинган интерфаол ва кўнгилочар викториналар форматида ўтказилди. INT TECH robotics мутахассисларининг ёрдамида болалар робототехника билан танишдилар, “Events” МЧЖдан келган қувноқ “профессор”лар кимёдан қизиқарли тажрибалар ўтказишди.
Тадбир болаларни қизиқарли илм, замонавий технологиялар ва инновацияларни ўрганишга чорлади. Инновацион ривожланиш вазирлиги хайрия амалларини бажариш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини ҳисобга олиб, “Саховат йўли” хайрия эстафетасини бошқа вазирлик ва идоралар давом эттиришига ишонади.