Атрофга совуқ хабар тарқалди: олтмиш икки ёшли эр ўзининг шаръий никоҳидаги йигирма саккиз ёшли жувонни пичоқлаб, қасддан умрига зомин бўлган эмиш...
Вақт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, шамолдек елиб ўтади.
Гулистон шаҳрида ушбу қабиҳ жиноятнинг содир этилганига ҳам беш ой тўлди. Албатта, суд томонидан бу жиноятга қўл урган Ў. Ирисқулов (исм-фамилиялар ўзгартирилди)га нисбатан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Албатта, Ўрол Ирисқулов суд томонидан тайинланган жазони ўтаб, бир куни уйига қайтади. Марҳума О. Бўронованинг фожиали ўлими бир кун одамларнинг хотирасидан ўчиб ҳам кетар, лекин масаланинг мушоҳада қиладиган бошқа жиҳати бор.
Ҳаётни тиниқ кўзгуга менгзаймиз. Аслини олганда, ҳаёт кўзгусида яхшилик ва ёмонлик рўй-рост кўриниб туради. Инсонга эса, ҳаёт кўзгусига ибрат назари билан қараб, ундан сабоқ олиш, хулоса чиқариб яшаш имкони берилган. Гап ана шу имкониятдан ким қандай фойдаланишига боғлиқ.
Энди асосий мақсадга ўтадиган бўлсак, бу ҳаётда халқимизнинг "ҳамма қўшгани билан қўша қарисин" деган нияти, афсуслар бўлсинки, барчага ҳам насиб этавермас экан. Бундай дейишимизнинг сабаби шундаки, Ўрол Ирисқулов эллик етти ёшида хотинидан ажралиб қолди. 2013 йилнинг қиш фасли охирлаб қолган, аниқроғи, 25 февралида унинг турмуш ўртоғи Саломатхон ҳаётдан кўз юмди. Оилада уч фарзанд етим қолди.
Шундан сўнг улар бувиси, Ў. Ирисқуловнинг қайнонаси, Гулистон шаҳрида яшовчи Зуҳра Шарипованинг ҳовлисига кўчиб ўтиб яшай бошлашди. Албатта, бунга Ў. Ирисқуловнинг ўзи розилик берди. Шу тариқа Ўрол Ирисқулов ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз ўзи қолди.
Албатта, одам боласи эртага нима бўлишини билмайди. Ў. Ирисқулов ҳам ўзини олдинда қандай савдолар кутиб турганини билмасди.
Қисқаси, Ў. Ирисқулов ҳовлида ёлғиз ўзи яшай бошлаган кунларнинг бирида О. Бўронова деган аёл ҳовлида ижарага яшаб туришни илтимос қилади. Ў. Ирисқулов нотаниш жувоннинг таклифига ўйлаб-нетиб ўтирмай дарров рози бўлади. Шундан сўнг О. Бўронова икки нафар вояга етмаган фарзанди билан ҳовлига кўчиб келади. Орадан кўп вақт ўтар-ўтмас Ў. Ирисқулов билан Ойгул ўртасида илиқ муносабат пайдо бўлади. Шундан сўнг улар шаръий никоҳ ўқитиб, эр-хотинга айланишади.
Орадан анча пайт ўтгач, Ўрол Ирисқулов хотинининг юриш-туриши бежо эканлигидан хабар топади. Унинг кўнглини юрса ҳам, ўтирса ҳам шубҳа-гумон кемира бошлайди. Албатта, бу шубҳа-гумонлар асоссиз эмас эди. Чунки кўпинча Ойгул билан Ўрол Ирисқулов ўртасида арзимас сабаблардан бошланган жанжал жувоннинг кўчага чиқиб кетиши билан якун топарди. Бу ёғини сўрасангиз, Ойгул шу кетганча ярим тунда, яна денг, маст ҳолида уйга қайтарди. Баъзида эса, эртаси кун уйга кириб келарди. Ў. Ирисқулов бунинг сабабини сўраганда, Ойгул аллақайси ошхонада ишлаётганини айтарди.
Ў. Ирисқулов Ойгул айтган ошхоналарга бориб, унинг ишлаш-ишламаслигини суриштириб кўрди. Шунда аёлнинг ёлғон гапиргани маълум бўлди. Ойгул ҳеч қаерда ишламаган, аксинча, аллакимлар билан илакишиб юрган экан. Айни шу машмашалардан сўнг улар ўртасидаги муносабат боши берк кўчага кириб қолади. Ўз навбатида, бундай иснодга чидаёлмаган Ў. Ирисқулов Ойгулни болалари билан уйдан чиқариб юбориш ҳаракатига тушади.
Ўтган йилнинг май ойи ўрталарида Ў. Ирисқулов Ойгулдан уйдан чиқиб кетишини талаб қилади. Аммо Ойгул ҳеч қаёққа кетмайман, дея оёқ тираб туриб олади. Оқибатда ўртада жанжал келиб чиқади. Бунинг натижасида Ў. Ирисқулов айбдор деб топилади ва унга тегишли ҳуқуқбузарлик иши Гулистон шаҳар маъмурий судида кўриб чиқилади.
Шу ўринда ўқувчига Ойгул Бўронова ҳақида тўлиқроқ маълумот бериш мавриди етган кўринади. Асли қўқонлик Ойгул 2009 йилда Дилмурод исмли йигитга қонуний асосда турмушга чиққан. Улар дастлаб Қўқон шаҳрида яшашган. Кейинчалик Гулистон шаҳрига кўчиб келишган.
Ойгул биринчи фарзандига оғир оёқ бўлгач, Қўқонга қайнотасининг уйига қайтиб кетишига тўғри келади. 2011 йилда қизи туғилади. Аммо қайнопаси билан тез-тез жанжал чиқиб, бир ҳовлида яшай олмагач, Дилмурод билан Ойгул хорижга ишга кетишади. Бироқ чет элда Дилмурод ичкиликка берилиб кетгач, оила бузилади, эр-хотин никоҳдан ажралишади. Чет элда Дилмурод ичкиликка берилгани етмагандек, жиноий қилмишга ҳам қўл уради ва жазога тортилади.Бу пайтда унинг иккинчи фарзанди — ўғли ҳам туғилганди.
Қисқаси, оиласи бузилгач, Ойгул икки фарзанди билан онасиникида яшай бошлайди. Лекин бу ҳам узоқ чўзилмайди. Бунга акаси ва янгаси билан ўрталарида юзага келган келишмовчилик сабаб бўлади.
Шу тариқа Ойгул Ўрол Ирисқуловнинг ҳовлисига келиб қолганди.
Энди юқоридаги воқеа тафсилотига қайтадиган бўлсак, 2018 йилнинг август ойи бошида Ойгул икки ҳафта аллақаёққа ғойиб бўлади. Унинг болалари Ў. Ирисқуловнинг қарамоғида қолади. Кейинчалик маълум бўлишича, Ойгул икки ҳафта мобайнида қўшни Қозоғистонда юрган ва тилга олиб бўлмайдиган тубан иш билан шуғулланган.
Ҳеч кимга сир эмас, инсоний мезонлардан четга чиқиш, носоғлом муҳит, тартибсиз кун кечириш ва ичкиликка берилиш охир-оқибат оғир фожиаларни келтириб чиқаради.
Буни қайд этишдан мақсадимиз шуки, 2018 йил 24 август куни кечки пайт маҳалладаги гўшт дўкони эгаси Худойназар Ойгул билан бирга шаҳардаги ошхоналардан бирига боради. Улар овқатланишгач, кеч соат 23 ларгача спиртли ичимлик ичишади. Буёғини сўрасангиз, Худойназар шу маҳаллада яшайди, Ў. Ирисқулов Ойгул билан турмуш қурганини яхши биларди. Судда Худойназарнинг гувоҳлик беришича, улар эрталабга қадар бирга шаҳар бўйлаб пиёда сайр қилишганмиш...
Эрталаб Ойгулни уйга кузатиб қўйган Худойназар орадан кўп ўтмай яна Ў. Ирисқуловнинг ҳовлисига қайтиб келади. У дарвоза олдида туриб, Ойгул уяли телефонини олиб қўйганини айтиб, уни қайтариб беришни сўрайди. Ойгул эса, телефонни қайтариб бермаслигини айтиб, жанжал кўтаради. Ноилож қолган Худойназар эса, индамай уйига қайтиб кетади.
Ўша оқшом Ў. Ирисқулов, Ойгул ва унинг икки фарзанди сўрида бирга овқатланишади. Шу пайт яна эрталабки телефон машмашаси ҳақида гап очилади. Ў. Ирисқулов Ойгулга бировнинг телефонини олиб қўйиб, нотўғри қилганини айтади. Ойгул эса, қайсарлик билан ўз билганидан қолмайди.
Шундан сўнг икки ўртада жанжал келиб чиқади ва Ойгул ётоқхонасига отилиб киради-да, ошхона пичоғини кўтариб чиқиб, Ў. Ирисқуловга ўқталади. Аммо Ў. Ирисқулов унинг қўлидан пичоқни тортиб олади.
Бундан баттар жазавага тушган Ойгул Ў. Ирисқуловнинг юзига чанг солишга чоғланганда эса, мудҳиш қотиллик юз беради. Ў. Ирисқулов аёлнинг кўкрак соҳаси чап ён томонига ўткир пичоқни санчади...
Судга оид тиббиёт экспертизасининг ўтган йил 3 сентябрдаги 120-сонли хулосасида, марҳума О. Бўронованинг ўлими чап томонлама кўкрак қафасига тешиб ўтган санчма кесилган яраси, плевра, юрак халтаси ва юрак чап қоринчаси жароҳатланиши оқибатида юзага келган ўткир қон кетиши натижасида содир бўлгани қайд этилган.
Албатта, бу оғир фожианинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида фикр юритганда, кўнгилда бир қатор мулоҳазалар пайдо бўлади.
Аввало, маънавий дунёқарашнинг саёзлиги, ҳаётга енгил-елпи қараш, хиёнат кўчасига кириш, ахлоқсизликнинг оқибати аянчли якун топиши сир эмас. Суд ушбу жиноят иши бўйича "Улуғ йўл" маҳалла фуқаролар йиғинига нисбатан хусусий ажрим чиқарди. Ажрим нусхалари маълумот учун Гулистон шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокурори ва шаҳар ички ишлар бўлимига юборилди.
Суднинг хусусий ажримида ушбу жиноятнинг содир этилиши, судланувчи яшаб келган "Улуғ йўл" маҳалла фуқаролар йиғини ва профилактика нозири томонидан жиноятчиликка қарши курашиш борасида етарли даражада ишлар олиб борилмаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари марҳума ушбу маҳаллада ҳеч қандай ҳужжатсиз, рўйхатдан ўтмасдан яшаб келганлиги, ушбу жиноят судланувчи Ў. Ирисқулов ва О. Бўроноваларни биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилиши оқибатида келиб чиққанлигига эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Шу каби гувоҳ Худойназар Қўйлиевнинг телефони йўқолганлиги ҳолати ҳамда Ойгулнинг Х. Қўйлиев билан кечаси уйдан чиқиб кетиб, эрталаб маст ҳолатда қайтиб келганлиги жанжалга асосий сабаб бўлгани каби жиноят содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаш лозимлиги уқтирилди.
Мухтасар қилиб айтганда, бору-йўғига қаноат қилмай, ҳалол ва покиза турмушни қадрига етмай хиёнат кўчасига қадам қўйиш ана шундай аянчли оқибатга олиб келган. Бу мудҳиш воқеа сабабли Ў. Ирисқулов Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Биз бу ўринда фақат Ў. Ирисқуловгина айбдор демоқчи эмасмиз, балки маҳалла-кўйнинг лоқайдлиги бу фожианинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Бу ҳодисадан бирдек хушёр тортайлик, атрофимиздаги воқеаларга зийрак кўз билан боқайлик азизлар.
Бобошер ҚУРБОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Сирдарё вилоят суди раисининг ўринбосари