ЎзА хабарига кўра, Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси Достонбек Мавлонов ҳамда профилактика инспектори Валижон Абдурашидовлар тамагирлик қилиб, жиноятга қўл урган.
Д.М. ўз иш юритувидаги фуқаро Э. Маматовнинг “Нексия-2” русумли автомашинасини ўғирланганлиги ҳолати юзасидан С.Абдураҳимовга нисбатан тўпланган материал бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва маъмурий тартибда ҳал қилиш эвазига 500 доллар пора беришни талаб қилган. Акс ҳолда унга жиноят иши қўзғатиш ва қамаш билан таҳдид қилган. Бу ишни профилактика инспектори В. Абдурашидов ёрдамида амалга оширишни режа қилган. С. Абдураҳимов эса бу икки нафар давлат органи мансабдор шахсларининг қилмишлари юзасидан ариза билан мурожаат қилган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўз хавфсизлиги бошқармасининг вилоят бўйича бўлими ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирда дастлаб В.Абдурашидов ўзининг “Матиз” русумли автомашинасида кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини С.Абдураҳимовдан пора тариқасида олган. Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, Д. Мавлонов ўз хизмат хонасида 500 АҚШ долларини пора тариқасида олганда, у ҳам ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Д. Мавлонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб 6 йил, В. Абдурашидов эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.