ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, 8 декабрь куни қиз Пастдарғом тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, қиз жорий йилнинг август ойида “Одноклассники” ижтимоий тармоғида 21 ёшли Р.А. билан танишган.
Улар учрашишни бошлаганларидан сўнг, фуқаро Р.А. қизни шарманда қилувчи маълумотларни интернетда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, 1700 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.
Пастдарғом тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Р.А. сўралган пулларнинг бир қисми, яъни 600 АҚШ долларини олаётганида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов жараёнида Р.А.га айблов эълон қилинган ва унга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.