2020 йил учун тасдиқланган Давлат дастурига мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкентдаги учта олий таълим муассасасида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли жорий этилади.
"2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат юридик университети ва Тошкент давлат педагогика университетида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли жорий этилсин", - дейилади мазкур ҳужжатда.
Ўзбекистон Республикасининг тегишли мутасадди вазирликларига 2020 йил 1 августга қадар масофавий ўқитиш шаклини амалга ошириш тартибини белгилаш, дастурий-аппарат комплексини яратиш, тегишли олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнига масофавий ўқитиш платформасини жорий этиш ва ўрнатилган тартибда зарур бўлган ускуналар билан жиҳозлашни таъминлаш юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 январга қадар тажриба натижаларини инобатга олган ҳолда олий таълим тизимига масофавий ўқитиш шаклини жорий этиш тўғрисидаги таклифларни ўқитишнинг ушбу шаклини амалга киритишнинг олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари кесимидаги графиги билан биргаликда киритиши белгиланди.