12 июнь тахминан соат 01:30 да Самарқанд тумани “Янгиариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида икки нафар фуқаро ўртасида улардан бирининг ўлимига сабаб бўлган жанжал содир бўлди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, 52 ёшли Т.Б. ва 22 ёшли М.С.,лар ўртасида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик натижасида, М.С. фуқаро Т.Б.нинг юз соҳасига қўллари билан уриб тан жароҳати етказганлиги аниқланган.
Натижада, Т.Б. Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро М.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Фуқаро Т.Б. шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2020 йил 22 июнь куни шифохонада вафот этган. Жиноят иши эса ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига қайта малакаланган.
Жиноят иши бўйича М.С. айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.