29 июнь куни тахминан соат 23:30 да 31 ёшли З.Т. бошқарувидаги Malibu русумли автомашина Қизириқ тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган 56 ёшли Ў.Х. нинг бошқарувидаги “ВАЗ 2101” русумли автомашинанинг ҳаракат йўналишига чиқиб кетиши оқибатида, йўл транспорт ҳодисаси содир этилган. Бу ҳақида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Натижада “ВАЗ 2101” русумли автомашинада ёнғин чиқиб, ҳайдовчи Ў.Х. ва олд ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган 50 ёшли А.Ж.лар ёнғин натижасида автомашина салонида қолиб кетиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қизириқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.