Тошкент шаҳрида ҳам ер участкаларида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ипотека кредитлари берилади.
Бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, эндиликда Тошкент шаҳрида ҳам тажриба тариқасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тижорат банкларига ажратган кредит ресурслари ҳисобидан мазкур қарор қабул қилингунга қадар жисмоний шахсларга қонунда белгиланган тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун кредитлар ажратишга рухсат берилади.
Бунда, кредитлар жисмоний шахсларга:
қурилаётган (қайта қурилаётган) якка тартибдаги уй-жой жойлашган жойи бўйича мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган кредитнинг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) ишлари қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорида 20 йил муддатга ажратилади;
белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган лойиҳа асосида хусусий пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) ишлари бўйича тўловларни уларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз шаклда амалга ошириш орқали берилади.
Маълумот учун, мазкур қарорнинг 3-бандига мувофиқ бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари:
қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 млн сўмдан 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 млн сўмдан 320 млн сўмгача;
шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 млн сўмдан 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 млн сўмдан 320 млн сўмгача;
Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 млн сўмдан 264 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 млн сўмдан 352 млн сўмгача.