Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистонда “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини молиялаштириш учун:
– 30 йил муддатга 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 181 млн доллар миқдорида қарз;
– Халқаро тараққиёт уюшмаси кўламини кенгайтириш дастурининг 100 млн доллар миқдоридаги кредити;
– Халқаро тараққиёт уюшмасининг 5 йиллик имтиёзли давр билан 219 млн доллар миқдоридаги имтиёзли кредити ажратилмоқда.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирларини назарда тутувчи президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Лойиҳа доирасида молиялаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
- озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулот етиштириш;
- экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош, экспортбоп юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;
- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини диверсификациялаш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, кооперация тизимини ривожлантириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
- ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланиш;
- соҳага бошқарувнинг замонавий тизимларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сервисини такомиллаштириш;
- қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратиш;
- қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли ва шаффоф усулларини жорий этиш.
Шунингдек, мазкур лойиҳа натижасида 15 000 та янги иш ўринлари (аёллар учун 2 250 та) яратилиши прогноз қилинмоқда.