Хитойнинг Цзянси анъанавий хитой табобати университети шифокор ва мутахассисларидан иборат навбатдаги гуруҳ Ўзбекистон тиббиёт ходимлари билан COVID-19 пандемиясига оид маълумотлар билан ўртоқлашиш, ҳамкорликда касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш, назорат қилиш ва уни даволаш ишларига кўмаклашиш учун Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Қайд этилишича, мазкур амалий ташриф икки давлат раҳбарларининг COVID-19’га қарши кураш юзасидан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишуви доирасида мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси томонидан «Beizhong Yilin Pharm Co. Group» фармацевтика компанияси билан биргаликда ташкил этилган.
Хитой табобати вакиллари сафар давомида Ўзбекистондаги тиббий муассасаларда COVID-19 пандемиясига қарши кураш, ушбу юқумли касаллик профилактикаси, уни назорат қилиш ва даволаш борасида маҳаллий шифокорларга ёрдам беради.
Шунингдек, Тошкентда очилган Ўзбекистон – Хитой анъанавий табобат марказида бўлиб, турли касалликка чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатишади.
Пойтахтдадаги ушбу марказ замонавий соғлиқни сақлаш тизимида анъанавий хитой ва Ўзбекистон халқ табобати усулларидан унумли фойдаланиш имконини беради.
“Дунёда ҳукм сураётган ҳозирги мураккаб шароитда хитойлик шифокорларнинг мамлакатимизга ташрифи дўстона алоқаларнинг мустаҳкам эканидан, икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётганидан далолат”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал коронавирус пандемиясига қарши курашишда россиялик ва туркиялик шифокорлар ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрганди.