2026 йилнинг дастлабки ярим йиллигида Ўзбекистонда 24,8 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 мингтага кўп бўлиб, ҳар минг аҳолига тўғри келадиган ажримлар коэффициенти 1,3 промиллени ташкил қилди.
Ажримларнинг 14,9 мингтаси ёки 60,1 фоизи шаҳарларда, 9,9 мингтаси ёки 39,9 фоизи қишлоқ жойларда рўйхатга олинган.
Шунингдек, 2026 йилнинг иккинчи чорагида умумий ажримларнинг 48,1 фоизи фарзандсиз оилалар ҳиссасига тўғри келган. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 45,2 фоизни ташкил этган бўлса, иккинчи чоракда у 2,9 фоиз пунктга ошган. Умуман, 2025 йил бошидан буён ҳар чоракда умумий ажримларнинг қарийб ярми фарзандсиз оилалар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг кўп никоҳдан ажралиш ҳолатлари Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Самарқанд вилоятида қайд этилган. Энг паст кўрсаткичлар эса Сирдарё, Навоий ва Жиззах вилоятларида кузатилган.
Статистикага кўра, никоҳдан ажралишларнинг катта қисми шаҳарларда содир бўлаётгани ҳамда ажримларнинг салмоқли қисми фарзандсиз оилалар ҳиссасига тўғри келаётгани сақланиб қолмоқда.
Комментарии