Ўзбекистоннинг Эфиопиядаги биринчи элчиси Ашраф Хўжаев қароргоҳи Доҳада жойлашган ҳолда Тайе Ацке-Селассиега ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар қилди.
Маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон ва Эфиопия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Эфиопия президенти Ўзбекистон элчисининг тайинланишини мамнуният билан қарши олиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиши ҳамда амалий ҳамкорлик янада кенгайишига ишонч билдирди.
Ашраф Хўжаев Эфиопия раҳбарига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, у Ўзбекистон томони ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.
Эфиопия президенти эса икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдириб, унга ўзининг энг яхши тилакларини йўллади.
Маълумот учун, Ашраф Хўжаев 2024 йил февраль ойидан буён Қатарда Ўзбекистон элчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2025 йил октябрь ойидан эса у Жанубий Африка Республикасида ҳам Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида аккредитациядан ўтган.
Комментарии