«Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания Президенти Байрам Бегай расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, агросаноат мажмуаси, яшил энергетика, геология, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, туризм ҳамда бошқа муҳим соҳаларда кенг қамровли кооперация дастурини тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, томонлар Албаниядаги Дуррес портидан Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи минтақаси бозорларига етказиш учун логистика хаби сифатида фойдаланиш имкониятини ўрганишга келишиб олди.
Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Иқтисодий ҳамкорлик кун тартибини илгари суриш мақсадида Ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда Тошкент шаҳрида ўтказишга келишилди.
Маданий-гуманитар соҳада ўзаро Маданият кунлари, кино тадбирлари, кўргазмалар ва гастролларни ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.
Комментарии