Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ходими пойтахтнинг Олмазор туманидаги «Ислом ота» маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида текширув ўтказди.
Текширув фуқаролар мурожаатлари асосида ўтказилган бўлиб, жараёнда қатор қонунбузилишлар аниқланган.
Хусусан, лойиҳага кўра очиқ терраса бўлиши керак бўлган кўп қаватли уй том қисмида айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан капитал ва енгил қурилиш конструкциялари қурилгани маълум бўлди.
Қайд этилишича, бундай ноқонуний қурилиш ишлари уйда яшовчи бошқа фуқаролар ҳаётига хавф туғдиради. Шунингдек, мазкур конструкциялар бинога қўшимча юк тушириб, унинг сейсмик бардошлилиги ва узоқ муддат хизмат қилишига салбий таъсир кўрсатади.
Уй эгаларига ўзбошимчалик билан қурилган конструкцияларни бартараф этиш бўйича мажбурий ёзма кўрсатмалар берилди. Шунингдек, белгиланган муддатда талаблар бажарилмаса, улар маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, бундай ҳуқуқбузарликлар учун жисмоний шахсларга 50 БҲМ, юридик шахсларга эса 100 БҲМ миқдорида жарима белгиланган.
Комментарии