Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия бош вазири Андрей Бабиш "Кўксарой" қароргоҳида тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Музокарада Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев ушбу ташриф Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар тарихида туб бурилиш ясаши ва сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлади.
Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани, ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасида яқин алоқалар йўлга қўйилгани, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашгани, парламентларда "дўстлик гуруҳлари" ташкил этилгани, Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2 баробар ошди, Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 37 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Кооперациянинг бир қатор янги йўналишлари устида иш олиб борилмоқда.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Товар айирбошлашни, жумладан, етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш ҳисобига 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаш филиали ташкил этилмоқда, чехиялик ҳамкорлар билан Евро-6 стандарти ва квант эталони автомобилларини сертификатлаш бўйича замонавий лаборатория қурилиши давом этмоқда.
Чехиянинг етакчи компаниялари билан машинасозлик, "яшил" энергетика, геология ва муҳим хомашё, кимё, фармацевтика ва бошқа йўналишларда лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган Технологик кооперация дастурини тайёрлашга келишиб олинди.
Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш ва "ақлли шаҳарлар"ни яратиш, муҳандислик, рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари қайд этилди. Шу маънода, куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон-Чехия бизнес форумида илгари сурилган лойиҳа ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Томонлар Экспорт кредитларини суғурталаш агентлиги ва Чехия Экспорт банкининг Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ниятларини олқишладилар.
Бутун иқтисодий кун тартибини илгари суриш учун Ишбилармонлар кенгашини тузиш ва Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил август ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.
Маданий-гуманитар соҳада таълим ва академик алмашинувларни, шу жумладан икки томонлама диплом дастурлари бўйича кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди. Ўзаро маданият ва кино кунлари, кўргазма ва концертлар мунтазам ўтказиб бориш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаш масаласи кўриб чиқилади.
Уюшган меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди. Халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Якунда қабул қилинган қарорларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича қўшма "йўл харитаси"ни тайёрлашга келишиб олинди.
Комментарии