Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан OpenStreetMap ва SDGSAT-1 сунъий йўлдоши маълумотлари асосида фазовий-эконометрик таҳлил усуллари ёрдамида Тошкент шаҳридаги тадбиркорлик объектларининг тунги фаоллиги ўрганилди.
Тадқиқот доирасида умумий овқатланиш, савдо ва кўнгилочар йўналишдаги 5,6 мингдан ортиқ объектлар ўрганилиб, иш вақти аниқ кўрсатилган 1,6 мингта объектлар асосида тунги фаоллик динамикаси таҳлил қилинди.
Ўрганилган объектлар кесимида пойтахтдаги тунги бизнес фаоллик соат 23:00 дан кейин 2 баробарга қисқаради. Тошкент шаҳри бўйича ўрганилган 1,6 мингта (фаолият вақти кўрсатилган) бизнес объектларнинг 75 фоизи соат 20:00 дан кейин, 65 фоизи соат 22:00 дан кейин, 45 фоизи соат 23:00 дан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттириши аниқланди. Тунги 00:00 дан кейин бу улуш 31 фоизгача камаяди.
Тунги бизнес фаоллик пойтахтнинг асосан марказий ҳудудларида кузатилмоқда. Пойтахтда Яккасарой (22:00 дан кейин фаол бизнес объектлар сони 131 та) ва Миробод (112 та) туманлари тунги иқтисодиёт “ядроси” сифатида шаклланмоқда. Мирзо Улуғбек (147 та), Юнусобод (130 та), Чилонзор (126 та) ва Шайхонтоҳур (99 та) туманларининг марказга туташ қисмларидагина тунги фаоллик кузатилмоқда.
Олмазор (80 та) ва Яшнобод (71 та) туманларида тунги фаоллик пойтахтнинг бошқа туманларига қараганда суст экани аниқланган бўлса, Учтепа (52 та), Сергели (36 та), Бектемир (26 та) ва Янгиҳаёт (15 та) туманларида эса тунги иқтисодиёт нисбатан заиф ривожланмоқда.
Шаҳар инфратузилмасини тунги фаоллик талабларига мослаштириш ҳамда 24/7 форматда ишловчи кўча ва ҳудудларни самарали ташкил этиш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:
— 24/7 кўчалар ва кечки хизматлар экотизимини мувофиқлаштириш мақсадида Тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари лавозимини жорий этиш;
— Ягона методика асосида тунги фаоллик даражасидан келиб чиқиб, пойтахт ҳудудларини 3 та тоифага ажратиш;
— 1-тоифали ҳудудлар учун “Тунги хизматлар таркибини кенгайтириш дастури”ни ва 2-3-тоифали ҳудудлар учун “Тунги иқтисодиётни жонлантириш дастури”ни ишлаб чиқиш;
— Тунги жамоат транспорти йўналишларини жорий этиш;
— Тошкент метрополитени фаолиятини дам олиш кунлари синов тариқасида соат 01:00 гача узайтириш;
— Ягона тунги тадбирлар тақвимини ишлаб чиқиш ва эълон қилиб бориш;
— Аҳоли учун фойдаланишга қулай тунги шаҳар муҳитини яратиш, жумладан, пиёдалар йўлаклари ва сайилгоҳлар бўйлаб тўлиқ ёритишни таъминлаш, 24/7 жамоат санитария нуқталарини ўрнатиш, тунги навигация ва йўналтирувчи белгиларни жорий этиш.
Комментарии