У турли йилларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган, бир неча бор Олий Мажлис депутати этиб сайланган ва давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этган.
7 апрель куни 75 ёшида давлат ва жамоат арбоби Вячеслав Аркадьевич Голышев вафот этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Вячеслав Голышев Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни ҳамда М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспирантурасини тамомлаган. У илмий-тадқиқот марказларида турли лавозимларда ишлаган, Президент ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директорининг ўринбосари, Давлат прогнозлаш ва статистика қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган.
2005–2006 йилларда бош вазир ўринбосари ва иқтисодиёт вазири сифатида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим йўналишларни бошқарган.
Узоқ йиллар давомида Президентнинг давлат маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб, ўзининг бой тажрибаси, чуқур билими, фидойилиги ва ватанпарварлиги билан ажралиб турган.
Шунингдек, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига оид дастур ва концепцияларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган.
Бир неча бор Олий Мажлис депутати этиб сайланиб, парламент тизими ва қонунчилик базасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган.
У янги авлод иқтисодчи кадрларини тайёрлашда ҳам фаол иштирок этган.
Вячеслав Голышев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи» фахрий унвони ва «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Президент матбуот хизматида таъкидланишича, «давлат ва жамоат арбоби, йирик иқтисодчи олим, ёшлар учун ғамхўр устоз ва самимий инсон Вячеслав Аркадьевич Голышев хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади».
Комментарии