Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши Нурафшон - Бектемир йўналишида тезюрар автобус ташувлари учун BRT тизимини жорий этиш бўйича лойиҳа концепциясини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлган Нурафшон шаҳри "ақлли шаҳар" тамойиллари асосида жадал ривожланиб, кенгайиб бораётгани таъкидланди. Лекин пойтахт билан вилоят марказини боғлайдиган мавжуд транспорт инфратузилмаси бугунги талаб ва юкламаларга бардош беролмаяпти.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Тошкент ва Нурафшон шаҳарлари ўртасидаги қатнов вақти 2 баробарга қисқариб, кунига 150 мингдан зиёд аҳоли хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Интеллектуал бошқарув тизимини жорий этган ҳолда мавжуд 4 тасмали йўлни халқаро стандартлар бўйича I тоифали (шаҳар аҳамиятига эга) магистраль даражасигача модернизация қилиш кўзда тутилган.
Йўлнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш мақсадида 3 та функционал ҳудудга ажратилиб, реконструкция қилинади.
Умумий узунлиги 23 км бўлади. Тошкент қисмида жами 12-16 та, шаҳар атрофида 8 та, Нурафшонда 10 та ҳаракатланиш йўлаги режалаштирилган.
9 та бекат қурилиши режалаштирилган бўлиб, улар орасидаги масофа ўртача 2,9 км ни ташкил этади.
Дастлабки маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 119,6 миллион долларни ташкил этади. Якуний сумма ТИА ишлаб чиқилгандан сўнг аниқланади. Бу суммадан:
• қурилиш-монтаж ишлари - $113,9 млн;
• йўл қопламаси - $61,6 млн;
• муҳандислик иншоотлари - $5,3 млн;
БРТ станциялари (9 та) $16,3 млн;
• муҳандислик тармоқлари - $8,0 млн;
• ёритиш - $6,9 млн;
• ITS (ақлли тизим) - $13,35 млн;
• кўкаламзорлаштириш - $2,48 млн;
• кўзда тутилмаган харажатлар - $5,7 млн.
Жорий йилнинг тўртинчи чорагида тендер ўтказиш ва пудратчиларни танлаш режалаштирилган бўлиб, лойиҳани 2028 йил охиригача ишга тушириш мўлжалланган.
Комментарии