«Хавфсиз ва соғлом мамлакат» оператив-профилактик тадбирлари доирасида йирик ҳажмдаги наркотик воситалар савдосига барҳам берилди.
Оператив маълумотларга кўра, трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўшни давлатдан катта миқдордаги наркотикларни Тошкент орқали Россияга контрабанда йўли билан олиб ўтишни режалаштирган.
Жумладан, Тошкент шаҳри Янгихаёт тумани ҳудудидаги далада яширилган 71 кг 84 грамм наркотик моддани олиш вақтида 1981, 1986, 1991 ва 1993 йилларда туғилган тўрт нафар шахс қўлга олинди.
Маълум бўлишича, ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи уюшган наркогуруҳ ташкилотчилари бўлиб, ҳозирда Россияда яшовчи танишининг кўрсатмасига асосан наркотикларни олиб, уни Россияга жўнатиши керак бўлган. Мусодара қилинган наркотиклар миқдори 355 420 та бир марталик дозага тенг.
Оператив тадбирлар Сурхондарё вилоятининг Денау туманида ҳам давом эттирилди. У ерда фуқаро 8 кг наркотик моддани 150 минг долларга сотиш вақтида қўлга олинди.
Ушбу шахс наркотикларни танишидан олганини маълум қилди ва у ҳам қўлга олинди. Кейинчалик жиноят занжири бўйича яна бир шахс ушланиб, у мазкур наркотикларнинг асосий манбаи экани аниқланди.
Натижада яна 8 кг наркотик савдосига чек қўйилди. Бу миқдор 40 минг бир марталик дозага тенг.
Ўтказилган тадбирлар давомида икки уюшган жиноий наркогуруҳга мансуб жами 7 нафар шахс қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва бошқа ҳаракатлар, шунингдек уларни сотиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Қўлга олинганларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Комментарии