Тезкор қидирув департаменти Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда туман прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда алдов йўли билан 30 000 АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар қилди.
Аниқланишича, 1974 йилда туғилган фермер хўжалиги ишчиси имконсиз кўринган, муаммоли инсонларга ўзини орган ходимиман деб таништирган ҳолда бир нечта фуқароларни алдаб чув тушириб келган.
У 1985 йилда туғилган фуқаронинг юритувида бўлган жиноят ишини ижобий ҳал қилиб бериш мақсадида ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими деб таништириб, иш унинг фойдасига ҳал қилиб берилишини ваъда қилган. Эвазига 30 000 АҚШ доллари миқдордаги пулларни талаб қилган.
Келишилган кунда Тошкент шаҳар Сирғали туманида жойлашган кафеларнинг бирида айтилган пулдан аввалига 10 000 АҚШ долларини олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисми “а” банди ва 28 орқали 211-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Комментарии