2026 йил 28 январь куни жиноят ишлари бўйича Поп туман суди Россия Федерацияси Қуролли кучлари сафида хизмат қилиб, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган фуқарога нисбатан ҳукм чиқарди.
Суд ҳукмига кўра, 1969 йилда туғилган Поп тумани фуқароси У.Х. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди.
Маълум бўлишича, у 2022 йил август ойида ишлаш мақсадида Россияга борган. Кейинчалик моддий қийинчиликлар сабаб 2023 йил 5 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома имзолаб, ҳар ой 210 минг рубль маош эвазига ҳарбий хизматга қабул қилинган. У Украинадаги жангларда иштирок этган, 2023 йил август ойида жароҳат олган ва даволанган.
Шартнома муддати тугагач, у Россия фуқаролигини олган ҳамда “Георгий Жуков” кўкрак нишони билан тақдирланган. 2025 йилда Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Судда айбини тўлиқ тан олган Хўжамбердиев қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, оилавий ва моддий аҳволини инобатга олишни сўраган. Суд унинг айбига иқрорлиги ва ижобий тавсифини жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳолади.
Натижада суд унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибли колонияда ўталади.
Комментарии