Шавкат Мирзиёев раислигида 22 сентябрь куни тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Видеоселектор йиғилишида шу борада амалга оширилаётган ишлар, жорий йил якуни ва 2021 йил биринчи чорагига мўлжалланган лойиҳалар муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва унумли ишлатиш, албатта, мутахассисларга боғлиқ. Шу боис кадрлар тайёрлашга ҳар томонлама аҳамият берилмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки бунёд этилган эди. Андижон ва Марғилон шаҳарларида унинг филиаллари очилди. Пойтахтимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳудудида яна бир филиал биноси қурилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ахборот технологияларини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган 205 та мактаб ташкил этилиши режалаштирилган.
Халқ таълими вазирилиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жорий йилда 14 та, келгуси йилда 82 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Тошкент ахборот технологиялари университети ва IT-паркларда ахборот технологиялари ўқитувчиларини тайёрлаш ҳамда уларни сертификатлашнинг миллий тизимини жорий қилиш муҳимлиги қайд этилди. Малака сертификати олган ўқитувчиларга ҳар ойда қўшимча 50 фоиз устама тўланади. Шунингдек, ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” курсини муваффақиятли якунлаган мактаб ўқитувчиларини мукофотлаш йўлга қўйилади.
– Бугун кўриб чиқилаётган масала ривожланиш ва халқимиз ҳаётини яхшилаш борасидаги ишларимизнинг энг катта замини, – деди Президент. – Буни барча ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари тушуниб, дунёқарашини ўзгартириб, айтилган вазифалар ижросига қаттиқ киришишлари керак.
Бош вазирга муҳокама қилинган чора-тадбирлар ижросини соҳалар ва ҳудудлар кесимида назорат қилиш топширилди.
Видеоселектор йиғилишида ҳокимлар рақамлаштириш лойиҳаларидан халқимизга қандай енгилликлар бўлиши борасида ахборот берди.