Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 12 январь куни пойтахтда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий бўлинмаларининг тантанали пиёда юриш маросими бўлиб ўтади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
Ҳарбий бўлинмаларнинг тантанали пиёда юришлари Ўзбекистон Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетидан (мўлжал: “Пушкин” метро бекати) соат 11:00 да бошланади ва 13:00 га қадар давом этади.
Ҳарбий бўлинмалар дастлаб бошланиш нуқтасидан “Паркент” ва “Мустақиллик” кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Амир Темур хиёбонидаги тўхташ нуқтасида фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанг усталари кўргазмали чиқишлари, бўлинмаларнинг жанговар чақириғи, ҳарбий оркестрнинг дефиле намойишлари ижро этилади. Шундан сўнг бўлинмалар “Мустақиллик” ва “Темирёл” кўчалари бўйлаб манзилга қайтадилар.
12 январь куни юқорида келтирилган кўчаларда соат 11:00 дан 13:00 гача бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик чекланади.
Комментарии