Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда Фарғона вилоятида наркотик моддаларга қарши рейд тадбирлари ўтказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Тожикистондан контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи, 1984 йилда туғилган фуқаронинг Қўқон шаҳридаги яшаш хонадони кўздан кечирилди.
Натижада хонадон ошхонасида 4 кг 572 гр "опий" ҳамда 1 кг 58 гр "гашиш" моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, унга тожикистонлик наркосавдогарлар WhatsApp мессенжеридан юборган геолокация орқали – муқаддам Данғара тумани ҳудудига яшириб кетилган 9 кг 980 гр "опий" моддаси олинди.
Бундан ташқари, унга гиёҳвандлик воситаларини қайта ишлаб, истеъмолга тайёр ҳолатга келтириш учун ёрдам берган, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1969 йилда туғилган шахс ўзининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилганлиги аниқланиб, ундан ҳам 7 кг 226 гр "опий" моддаси олинди.
Яна бир ҳолатда эса Қўқон шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган, 1980 йилда туғилагн маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Lacetti автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда муқаддам 34 минг АҚШ долларига сотиб олинган 5 кг 22 гр "опий" моддаси борлиги маълум бўлди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, унга наркотик моддани сотган, 1985 йилда туғилган ҳамшаҳари ва унинг жиноий шериги бўлган – 1985 йилда туғилган Тожикистон фуқароси қўлга олинди.
Шунингдек, тожикистонлик фуқаронинг Ўзбекистон туманидаги хонадонидан ҳам 2 кг 362 гр "опий" моддаси олинди.
Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда Nexia автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди ва унда йўловчи сифатида кетаётган, 1992 йилда туғилган фуқарога тегишли сумка ичида 982 гр "гашиш" моддаси борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситасини муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Қўқон шаҳри ҳудудига яшириб кетилган хуфия жойдан олган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2000 йилда туғилган шахс Тожикистондан олиб келинган 989 гр "гашиш" моддасини харидорга 150 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан ЖКнинг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Комментарии