ДХХ ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Россиядан олиб келинаётган наркотик модда тўхтатиб қолинди.
Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган "Навоий" чегара божхона постига Қозоғистондан кириб келган, Бухоро шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги "Лада Ларгус" автомашинаси тегишли тартибда текширувдан ўтказилди.
Натижада автомашина юкхонасида бўлган "Газель" автомашинаси учун мўлжалланган узатмалар қутиси (коробка передач) ичида хуфиёна тарзда яширилган, 5 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 2 кг 300 граммни ташкил қилувчи "Мефедрон" синтетик наркотик моддаси борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, "Ўзбекистон – Россия" йўналишида киракашлик билан шуғулланувчи мазкур фуқаро ушбу автоэҳтиёт қисмни Тошкент вилоятида кутиб турган, 2000 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган шахсга етказиши маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда буюртмани қабул қилиб олган вақтида у ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ЖКнинг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Комментарии