Қатарда ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати 1/8 финалида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Италияга қарши баҳс олиб борди ва 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради.
Беллашувнинг дастлабки бўлимида италияликлар ташаббусга эга бўлди. Уларнинг фаол ўйини 19-дақиқада ўз самарасини берди — Томас Кампаниелло дарвозабон қайтарган тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни очди.
Иккинчи таймда ўйин кескинлашди ва кўпроқ тенг кураш билан кечди. 56-дақиқада Амирхон Муродов бурчак зарбасидан кейин аниқ зарба йўллаб ҳисобни тенглаштирди.
Бироқ ўйин тақдирини қисқа фурсатдаги хатолар ҳал қилди. 68- ва 70-дақиқаларда Италия жамоаси футболчилари — Кампаниелло ва Идрисса ҳимоядаги ноаниқликдан фойдаланиб, яна икки бор тўпни дарвозага йўллашди.
Ўзбекистон ўйин якунигача фаол ҳаракат қилди ва қўшимча вақтда Азизбек Эримбетов ҳисобни 2:3га етказди. Бироқ бу гол натижани ўзгартиришга етарли бўлмади.
Шу тариқа бош мураббий Ислом Исмоилов шогирдлари жаҳон чемпионатидаги иштирокини 1/8 финалда якунлади.
Комментарии