Шавкат Мирзиёев душанба куни кам учрайдиган (орфан) касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдамни кенгайтириш ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди.
Тақдимотда 2026-2030 йилларга мўлжалланган дастур тақдимот қилинди. Унга кўра, давлат ҳисобидан даволанадиган касалликлар сони 5 тадан 10 тага оширилади, бепул ёрдам олиш ёши чегараси 18 ёшдан 21 ёшга кўтарилади. Дастурни амалга ошириш учун 961 млрд сўм йўналтириш режалаштирилган. Президент тегишли қарорни имзолаб, дастурни тасдиқлади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича ҳам ҳисобот берилди.
Тақдимотда нарх белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 7,6 мингта импорт дори воситасидан қарийб 5 мингтаси референт мамлакатлар реестрига киритилмаган, бу эса нархларни ошириб кўрсатиш имконини беради. Янги чора-тадбирлар бўйича 2026 йил 1 январдан бошлаб 2,6 минг рецепт бўйича бериладиган дори воситаларининг ўртача нархи 40-50 фоизга арзонлашади.
Фармацевтика маҳсулотларининг давлат харидлари farma.xarid.uz махсус электрон платформасига ўтказилади. Аризаларни фақат зарур халқаро сертификатларга эга компаниялар тақдим этиши мумкин. Платформа нархларни автоматик текширишни таъминлайди ва харидлар ҳақидаги маълумотларни очиқ қилади.
2026 йил 1 январга қадар давлат тиббиёт муассасаларининг дори-дармон ва асбоб-ускуналарга бўлган эҳтиёжини шакллантириш ҳамда қолдиқларини бошқариш бўйича алоҳида тизим яратилади.
Президентга дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказишнинг янги тартиби ҳақида ҳам маълумот берилди. У рўйхатдан ўтказишни тезлаштириш, технологиялар трансфери асосида ишлаб чиқаришни жорий этиш ва халқаро стандартлар бўйича женерикларни клиник синовдан ўтказишни назарда тутади. Хавфсизликнинг биринчи тоифасидаги бир қатор маҳсулотлар учун лаборатория ва клиник синовлар бекор қилинади.
Шавкат Мирзиёев 2025 йил якунига қадар қиймати 166 миллион долларлик 32 та инвестиция лойиҳасини тўлиқ ишга тушириш, 1 минг 500 та янги иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, ҳаётий муҳим дори воситаларининг таннархини пасайтиришни таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Комментарии