Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда.
1 октябрь ҳолатига кўра, банкларнинг масофавий фойдаланувчилари сони 74,2 миллион нафарга етди. Бу йил бошида уларнинг сони 52,9 миллион нафарни ташкил этган бўлиб, ўсиш 40 фоизни ташкил қилди.
Ўзбекистондаги барча банклар орасида энг йирик мижозлар базаси Халқ банкига тегишли — 8,19 миллиондан ортиқ фойдаланувчи. Кейингилар: Алоқабанк (6,28 млн), Ўзсаноатқурилишбанки (6 млн), Uzum bank (5,9 млн) ва TBC bank (5,59 млн).
Юридик шахслар ва якка тадбиркорлар сони бўйича эса Агробанк етакчи ҳисобланади — 225 мингдан зиёд мижоз. Шунингдек, Ипотека-банк (183 минг) ва Hamkorbank (161 минг) ҳам кучли учликка кирган.
Қайд этилишича, сўнгги тўққиз ойда Uzum bank фойдаланувчилари сони деярли уч баробарга ошган — 2 миллиондан 5,9 миллион нафаргача. Apex bank мижозлар базаси эса қарийб 40 баробарга кўпайган — 5 273 нафардан 208 минг нафаргача. Бизнесни ривожлантириш банки мижозлари сони икки баробарга — 432 мингдан 871 минг нафаргача ўсган, AVO bank эса етти баробар ўсиб, 2,3 миллион нафар фойдаланувчига етган.
Шу билан бирга, тўққиз ой ичида Агробанкда (минус 1,6 млн фойдаланувчи), Anor bank (1 млн), Ўзсаноатқурилишбанк (303 минг) ва Octobank (27 минг) мижозлар сони қисқаргани кузатилган.
Комментарии