Ўзбекистон ҳукумати бу йил сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш мақсадида 16 та супер-компьютер харид қилиш учун 50 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев рақамли трансформацияга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Президент дунёда сунъий интеллектга талаб ортиб бораётган ҳозирги даврда рақобатдош бўлиш учун 3 та энг асосий масала – инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлигини қайд этди.
Саккиз йилда 300 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилди, аҳоли пунктларининг 99 фоизи мобил алоқа билан қамраб олинди. Катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш учун 7 та дата-марказ ишга туширилди.
Кейинги йил соғлиқни сақлаш, энергетика, банк-молия, божхона-солиқ, транспорт, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сунъий интеллект бўйича 100 та лойиҳа режалаштирилган.
Буларни амалга ошириш учун шунга мос қувватлар, замонавий супер-компютерлар керак. Лекин ҳозирги мавжуд қувватлар фақат кичик лойиҳаларни ишга тушириш учун етади.
Оқибатда тадбиркорлар ўз лойиҳаси учун чет элдаги инфратузилмадан фойдаланиб, бунга миллионлаб доллар сарфлаяпти.
Шу боис, жорий йил 16 та супер-компютер сотиб олиш учун 50 миллион доллар ажратилди. Кейинги йил бу маблағ 2 карра оширилиши эълон қилинди.
Комментарии