Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия томонидан жамоат жойларида — хусусан, хиёбонлар, истироҳат боғлари ва бозорларда гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар ноқонуний айланмасининг олдини олиш мақсадида хизмат итларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи қўшма қарор қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, дастлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жойлашган жамоат жойларида хизмат итлари билан биргаликда патрул нарядлари тажриба-синов тариқасида фаолият бошлади.
Ҳозирда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Кинология бўлими ходимлари Ташкент Cитй Малл савдо мажмуаси, Cитй Парк, Дреам Парк ва Магиc Cитй кўнгилочар масканларида хизмат фаолиятини олиб бормоқда.
Хизмат итлари ёрдами жиноятларнинг олдини олишда, хусусан, фуқароларга ёки ходимларга ҳужум уюштириш ҳолатларини бартараф этишда, жиноят содир этгандан кейин яширинаётган шахсларни аниқлаш ва ушлашда, шунингдек, қўлга олинган шахсларнинг қочишга уриниши ёки атрофдагиларга зарар етказиш эҳтимоли мавжуд вазиятларда қўлланилади.
Қарорга мувофиқ, жониворларнинг хизмат давомийлиги об-ҳаво ҳарорати +30°C дан юқори ёки +1°C дан паст бўлган пайтларда 4 соатдан ошмаслиги белгиланган. Зарурат туғилганда, хизмат итлари учун кичик ҳажмли махсус волерлар ўрнатилиши ҳам режалаштирилган.
Комментарии