Шавкат Мирзиёев “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида кенг кўламли рақамлаштиришни жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Бу қарор давлат органлари фаолиятига замонавий бозор механизмларини жорий этиш, рақамли технологияларни кенг қўллаш ҳамда давлат функцияларини бажаришда хусусий секторни жалб этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан боғлиқ.
Республика ижро этувчи ҳокимият органларида жами 2141 нафар ходим қисқартирилади, шунингдек, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда раҳбар ўринбосарлари сони 16 тага камаяди.
Масалан, Сув хўжалиги вазирлигида 224 нафар, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 218 нафар, Адлия вазирлигида 197 нафар, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида 176 нафар, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида эса 163 нафар ходим қисқартирилади.
Солиқ қўмитасида 486 нафар, Давлат активларини бошқариш агентлигида эса 65 нафар ходим қисқартирилади.
Шунингдек, раҳбар ўринбосарлари сони деярли икки баробар камаяди: қўмиталарда 11 тадан 7 тагача, агентликларда 12 тадан 6 тагача, инспекцияларда эса 13 тадан 7 тагача.
Натижада, давлат бюджети ҳисобига молиялаштириладиган республика органларидаги ходимлар сони 43 332 нафарга, бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобига эса 3 657 нафарга камаяди.
Масъул органларга марказий аппарат ва тизимдаги ташкилотлар ходимлари сонини оптималлаштириш бўйича комиссиялар тузиш ҳамда қисқартириладиган лавозимлар рўйхатини тасдиқлаш топширилди.
Шунингдек, қисқартириладиган ходимлар билан меҳнат муносабатларида меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик белгиланди.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда қисқартириладиган ходимларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўради.
Комментарии