Бир кун олдин халқаро ахборот агентликлари Ҳиндистоннинг Мадхья-Прадеш штатида Coldrif йўтал сиропидан фойдаланганидан сўнг болалар ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Reuters маълумотларига кўра, ушбу дори воситасини қабул қилганидан кейин 14 нафар бола вафот этган, препарат ишлаб чиқарувчи компанияга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур дори Ўзбекистонда ҳам сотилаётган бўлиши мумкинлиги ва бу фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдиришди.
Шу муносабат билан Фармацевтик маҳсулотлар хавфсизлиги маркази маълум қилди: Sresan Pharma компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган Coldrif сиропи Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
Маълумот учун: «Дори воситалари ва фармацевтик фаолият тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар фақат давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнггина тиббий амалиётда қўлланилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Док-1 Макс» сиропи билан боғлиқ жиноят иши бўйича хабар берилган эди — ушбу дори воситасидан фойдаланиш натижасида 68 нафар бола ҳалок бўлган. Препаратни мамлакатга олиб кирган ташкилот раҳбари ҳамда Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари 18–20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Комментарии